Рио 2016: Ўзбек боксчилари дунёни лол қолдирди

Рио Ëзги Олимпиада Ўйинларининг сўнгги кунида ўзбекистонлик яна икки боксчи олтин медалга сазовор бўлди: 64 килограмгача бўлган вазнда Фазлиддин Ғойибназаров озарбайжонлик боксчи Лоренсо Сотомайорни¸ 53 килограмгача бўлган вазнда Шаҳобиддин Зоиров россиялик боксчи устидан ғалаба қозонди.

Фазлиддин Ғойибназаров асли кубалик боксчи Лоренсо Сотомайорга қарши ўта оғир жангда очколар ҳисобида ғолиб бўлди.

Ғойибназаровдан олдинроқ финалда рингга тушган Шаҳобиддин Зоиров эса россиялик рақиби Миша Алоянни очколар ҳисобига мағлуб этиб¸ Ўзбекистон ҳисобига учинчи олтин медални тақдим этган эди.

Ўзбекистонлик боксчилар ҳисобига биринчи  олтин   медални 49 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ҳасанбой Дўстматов қўлга киритганди

Финалга чиққан беш боксчидан фақат иккитаси — Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев — рақибларига мағлуб бўлди.

Олимпиаданинг ярим финалигача етиб борган Рустам Тўлаганов ва Муроджон Аҳмадалиев эса бронза медалларини олишга муваффақ бўлди.

21 август куни қўлга киритилган иккита олтин медалдан кейин ўзбекистонлик боксчилар 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза билан умумжамоа жадвалида биринчи ўринга кўтарилишди.

Ҳисобида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза бўлган Ўзбекистон Рио-2016 олимпиадасида 21-ўринни эгаллади.

Бу Ёзги Олимпиада Ўйинларида Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши кўрсаткичдир.

Қуйида олдинги учта ёзги Олимпиадаларда Ўзбекистон спортчиларининг иштирокига назар ташлаймиз.

Афина Олимпиадаси 2004 йил – 35-ўрин. Иккита олтин, битта кумуш ва иккита бронза.

Пекин Олимпиадаси 2008 йил – 41-ўрин. Битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза.

Лондон Олимпиадаси 2012 йил – 48-ўрин. Битта олтин ва иккита бронза.

Рио Олимпиадасида эришилган ажойиб натижалар Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллик тўйи олдидан жуда катта совға бўлди. Истиқлол ҳавосидан нафас олган ўзбек фарзандлари жаҳон ареналарида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишди.



Поделиться: