ИСТЕЪДОД, МАҲОРАТ, САНЪАТ БАЙРАМИ

Шу йилнинг 15-17 июль кунлари вилоятимизда “Рақс сеҳри” халқаро фестивали тантаналари кўтаринки руҳда, юксак савияда бўлиб ўтди.
…Хоразм азалдан илм-у маърифат, адабиёт ва санъат равнақ топган юрт. Воҳа аҳли ана шу маънавий манбалардан куч-қувват, рағбат олиб, илҳомланиб, яратиш, бунёдкорлик, гўзаллик, эзгулик каби фазилатларни ўзида мужассам этганлари ҳолда юксалиш ва тараққиёт йўлидан дадил, шахдам қадам ташламоқдалар. Бу — айниқса мустақиллик бахш этган фарахбахш кунларнинг ҳар бир сониясида яққол намоён бўлмоқда. Куй, қўшиқ-яллалар, айниқса дилбар ва мафтункор рақслар ҳаётимизнинг ҳар куни, ҳар дақиқасини, тўй-у байрамлар, анжуманлар, тадбирларни безаб, турмуш тарзимизни янада мазмундор, фаравон бўлишида илҳомбахш манба бўлиб хизмат қилмоқда. Бу жорий йилнинг 15-17 июль кунлари воҳамизнинг қадим ва навқирон Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Рақс сеҳри” фестивалида ўз ифодасини топди.
image001
Фестиваль иштирокчилари “Урганч” халқаро аэропорти ва “Урганч” вокзалида кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда нон-туз, карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди. Меҳмонлар анжуман ўтказиладиган қадимий ва навқирон Хивага бораётиб, воҳа маркази Урганчнинг диққатга сазовор жойларини ҳавас ва ҳайрат билан томоша қилишди. Юртбошимиз ташаббуси билан бу шаҳарда амалга оширилган бунёдкорликлар — қад ростлаган замонавий иншоотлар, ўқув юртлари, спорт кошоналари, Шовот канали ва унинг ҳар иккала қирғоғида қисқа муддатда бажарилган оламшумул ишлар, Ал Хоразмий, Ал Беруний, ”Авесто” боғ-мажмуалари, Жалолиддин Мангуберди ҳайкали, кенг ва равон йўллар, турфа гулзорлар, хиёбонлар, фавворалар меҳмонларнинг дилини янада хушнуд қилиб, уларнинг қалбларида санъат, хусусан, рақсга дахлдорлик энг улуғ фазилат, толе, бахт-иқбол эканлиги борасида эзгу ҳис туйғуларини янада жўш урдириб юборди. Ўттиздан ошиқ хорижий мамлакатлар,Тошкент шаҳри ва Республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасидан келишган меҳмонлар қадим Хивага ана шундай хуш кайфият, илк илиқ таассуротлар билан кириб келишди. Ота дарвоза олдлидаги “Меҳмондўстлик майдони” байрамона безатилган. Чеҳраларда табассум, қалбларда қувонч, дилларда санъатга ошуфталик туйғулари тўлқинланади. Меҳмонларга нон-туз, гуллар билан пешвоз чиққан миллий кийимдаги қизлар. Атрофда карнай-сурнай садолари… Хоразм наволари қадим шаҳар обидалари пештоқларида акс садо беради. Шу асно куй-қўшиқлар, рақслар оғушида меҳмонлар Ота дарвозадан Ичонқалъа ичкариси томон йўл олишади. Бир-бирига туташиб кетган тарихий ёдгорликлар пойида, Кўҳна Арк майдони, Тошҳовли, Феруз, Оллоқулихон мадрасалари айвонларида вилоят фольклор жамоалари, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари қошида ташкил этилган бадиий жамоалар, шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган кекса-ёш санъат ихлосмандлари, дорбозлар, масхарабозларнинг чиқишлари, вилоят қўғирчоқ тетари жамоаси томошалари барчани ўзига жалб қилди. Барча бир-бирларини шод-у хуррамлик билан рақсга таклиф этди. Ҳатто анжуманга таклиф қилинган хорижлик меҳмонлар-у Хивага келишган сайёҳлар ҳам бу анжуман шукуҳидан руҳланиб, давраларни тўлдириб рақсга тушдилар.Бу дўстона, ҳаяжонли давраларни кўриб-кузатиб, санъат халқларни, кўнгил ришталарини бири-бирига боғловчи мустаҳкам ришта эканлигини яна бир бор дилимиздан ўтказдик.

image002
Анжуман дастури доирасида қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Матниёз Девонбеги мадрасасида “Ўзбекистон рақс санъати” суратлар кўргазмаси очилди. Бу кўргазмада миллий рақс тараққиёти жараёнлари, ўзбек рақсларининг ўзига хос хусусиятлари асосан мумтоз ва халқ рақси (фольклор) йўналишларида намоён бўлиб, йиллар, асрлар оша бойиб, шаклланиб келаётганлиги тўлақонли ҳикоя қилинган. Айниқса” Баҳор”. “Шодлик”, “Лазги”, ”Хоразмрақс” ансамбллари фаолиятидан лавҳалар, Республикамизнинг Мукаррама Турғунбоева, Қундуз Миркаримова, Қизлархон Дўстмуҳамедова, Малика Аҳмедова, Маъмура Эргашева, Гавҳар Матёқубова каби таниқли рақс санъати усталарининг суратлари кўргазмадан муносиб ўрин олган. Алишер Навоий номли опера ва балет театрида саҳналаштирилган “Боғчасарой фонтани”, “Дон Кихот”, “Муҳаббат афсонаси” каби жаҳон адабиёти дурдоналариннг рақс санъати билан боғлиқ кўринишлари акс этган суратлар барчада, айниқса хорижий сайёҳларда чуқур таассуротлар уйғотди. Ичонқалъа “Сайёхлик ахборот маркази” раҳбари Мақсудбек Абдурасулов, “Хоразм мусиқа тарихи” музейи мудири Комилжон Аминов таржимонлардан Наргиза Мейлиева, Шаҳноза Отажоновалар фестиваль жараёнларини тарғиб-ташвиқ қилишда фаоллик кўрсатишди.

image003

Шу куни Қўҳна Аркнинг тантаналар ўтказиладиган мажмуасида бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Хўжаниёзова анжуман иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма беш йиллиги ҳамда “Рақс сеҳри” халқаро фестивали билан қизғин қутлади. Истиқлол йилларида юртимизда илм-фан, маданият, санъат ҳар томонлама ривожланганлигини қайд этди. Мустақиллик шарофати билан қадим қадриятларимиз, анъаналаримиз, шу жумладан, санъат ва маданиятимиз гуркираб ривож топаётганлиги, Хивада ўтказилаётган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ҳам тинчлик, дўстлик, халқаро ҳамжиҳатликни, хусусан, сайёҳликни ривожлантиришга хизмат қилишини мамнуният билан таъкидлади.
Фестивалнинг иккинчи кунида ҳам рақс санъати билан боғлиқ томошалар кун бўйи давом этди. Иштирокчилар ҳунармандлапр, рассомлар кўргазмаларидан баҳраманд бўлишди. Либослар кўргазмасида ўзбек миллий рақси ижрочилари учун тикилган кийимлар ҳам намойиш этилди. Тошҳовли мажмуасида Огаҳий номли вилоят мусиқали драма театри ва вилоят қўғирчоқ театри жамоалари томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари барчага хуш кайфият бағишлади.
Ўзбекистон Қаҳрамони В.Пак раҳбарлик қилаётган “Болалар шаҳарчаси”, “Хоразм гиламлари” МЧЖ корхонаси, Хива тумани ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа ташкилотлар, ўқув юртларида фестиваль иштирокчилари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди.

image004

Бугунги ҳалқаро фестивал доирасида миллий либослар кўргазмасининг ташкил этилиши биз ёш дизайнерларнинг ижодий фаолиятимизни намоён этишда катта амалий ёрдам бермоқда, — дейди Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти 4-босқич талабаси Назокат Аҳмедова. Мазкур кўргазмада Хивадаги тарихий ёдгорликларда илҳомланиб ишлаган замонавий ва миллий либосларим билан иштирок этмоқдаман. Унда «Чопон», «Хива», «Беқасам», «Кашта рақси», «Чармдаги нақшлар» ва «Ичон қалъа» деб номланган тўпламларим ўрин олган. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида бу каби миллий ва халқаро тадбирларнинг ташкил этилиши, мамлакатимиз равнақи йўлида янада шижоат ва янгиликка интилиб ижод қилишга ундайди.
Оқшом бошланиши арафасида Кўҳна Арк майдонида яна бир ажойиб тадбир – “Маҳорат дарслари” ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ артисти Пўлат Мадримов, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Вилоят Оқилова, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гавҳар Раҳимовалар рақслар бўйича маҳорат дарсларини ўтказдилар. Бу эса барча рақс ихлосмандлари, айниқса фестивалнинг ёш иштирокчиларининг келгуси фаолиятлари учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.Фестивалдан кўзланган асл мақсад ҳам айни шу эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Биз фестиваль иштирокчиларини суҳбатга чорладик.
Сара Неате, Америка Қўшма Штатлари фуқароси:— Биз Ўзбекистоннинг гўзал ва қадимий шаҳарларида бўлдик. Аммо Хивага келиб қанчалик бахтли инсон эканлигимизни ҳис қилдик. Бу ерда “Рақс сеҳри” ҳалқаро фестивали жуда юқори савияда ўтди. Бошқа сайёҳлар қатори биз ҳам ўзимизни санъатнинг сирли оламига кириб қолгандай бўлдик. Бир-биридан таркрорланмас рақсларни миллий кийимларни кийганлари ҳолда ижро қилган қиз-жувонлар, йигитлар, кексаларни кўриб, ўзбек миллий санъатининг нақадар улуғвор, сеҳрбахш эканлиги кўз олдимизда яққол намоён бўлди. Миллий санъатни ардоқлаб, авлодларга қолдириш учун ўтказилаётган бу анжуман албатта кўп сабоқлар беради.Уни ҳар қанча ўрганса, тарғиб қилса арзийди.
Мария ОДУ, франциялик сайёҳ: — мен бир гуруҳ дўстларим билан “Очиқ осмон остидаги музейлар шаҳри “дея эътироф этилган қадимий Хивани томоша қилаётиб, санъат, бу — дўстликни улуғлаш, тинчликни қадрлаш воситаси эканлигини яна бир чуқур ҳис қилдим. Қаранг, ўзбек рақсига турли миллат вакиллари қўшилиб ўйнаётганликлари санъат ҳеч қачон масофа, миллат танлмаслигини исботи эмасми? Бу фестиваль тантаналари ҳеч қачон ёдимиздан кўтарилмайди. Ўзбек санъаткорлари билан тушган суратларимиз альбомларимизда бу кунлардан унутилмас эсдалик бўлиб қолади.
Наннолоре БЕНСОН:— мен ва менинг Германиядан ташриф буюрган ҳамроҳларим Нельмут Бенсол, Торстен Брецикалар сайёҳлик соҳасида ишлаймиз. Бугунги фестивал тарихий ва замонавий ғояларга бой тарзда ташкил этилганлигини кўриб хурсанд бўлдик. Айниқса, миллий либослар ва фотосуратлари кўргазмаси, хунармандларнинг ижодий ишларини томоша қилиб, ўзбек халқи бой маданий меросга ва тарихга эга эканлигига яна бир бор ишонч хосил қилдик. Бўлаётган ушбу фестиваль албатта жаҳон туризмини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Нургул Амирбекова: — Хива шаҳрида халқаро фестивални томоша килиш учун Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрдик. Биз ўзбек рақси ҳақида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Лекин бугун хоразмча, бухороча ва фарғонача рақсларни томоша қилиб, ўзбек рақс санъати катта тарихга эга эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, хоразм “Лазгиси”га жўшиб рақсга тушдик. Биз ўз юртимизга борганда, албатта, меҳмондўст ўзбек халқининг рақслари, унинг тарихи ва бугунги ютуқлари ҳақида ҳамюртларимизга сўзлаб берамиз.
Покистондан Риад Ҳусейн Бухари: – эрталабдан қадимий Хива шаҳрида янграётган куй-қўшиқларни эшитиб кайфиятимиз кўтарилди. Ичан-қалъага ташриф буюрган сайёҳларнинг барчаси ўзбек рақсини жонли ижрода кўриш имкониятига эга бўлишмоқда. Фестивалда ижро этилган рақсларнинг ҳар бирида миллий тарихингиз ўз аксини топган. Айниқса, «Анахита» рақсини томоша қилиб, унинг ҳаракатлари, куй, овоз ва жонли ижро маҳоратига юксак баҳо бердим. Бугун ўзбек халқи рақс санъатининг тарихи ва бугунги ютуқлари билан ғурурланса арзийди. Мазкур рақс фестивалининг кейинги йиллар давомида ҳам ўтказилиши анъанага айланишига тилакдошман.
Ҳиндистондан Капил Шарма: — фестиваль менда чуқур таассурот қолдирди. Миллий либослардаги йигит ва қизларнинг рақсларини юксак маҳорат билан ижро этаётганлигидан янада тўлқинланиб кетди. Жўшқин куй ва қўшиқлар беихтиёр бизни рақсга чорлади. Бебаҳо тарихиё ёдгорликлар мужассам бўлган Хивада бундан кейин ҳам мана шундай санъат йўналишидаги фестиваллар, тадбирлар ўтказилса албатта келамиз.
Хитой халқ республикасидан Хуан Тянчан: — “Рақс сеҳри” халқаро фестиваль – бу маҳорат, истеъдод, гўзаллик байрамидир. Фестиваль доирасида ташкил этилган қатор кўргазмалар ва унда акс эттирилган ўзбек ҳунармандларининг, тасвирий санъат усталарининг асарлари менда илиқ таассурот қолдирди.
Ўзбекистонда, Хивада ўтказиладиган бундан кейинги мана шундай фестивалларда албатта иштирок этаман.
Саудия Арабистонидан Мадҳи Ҳуссейн Аль Субайи, Тожикистондан Имоми Содиқ Ашурбойзода, Озарбайжондан Лейла Оруджева, Ван Сяолян ва бошқалар ҳам фестивалдан олган тааассуротлари ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. Меҳмонхона, дам олиш, умумий овқатланиш учун барча шароитлар тўла-тўкис яратилганлигини мамнуният билан изҳор қилишди.
Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган Қувватбай Арзимбетов ўзи билан бирга келган Гулмира момо ва унинг кичик невараси Шаҳриддуннинг ўзбек миллий рақси ижрочиларига қўшилиб ўйинга тушаётганлигига ишора қилиб, деди:“Қандай шукуҳли, бахтли кунлар бу!”
Қашқадарё вилоятидан ташриф буюрган Ҳамрохон ая Муродова бундан ўн тўққиз йил олдин Хиванинг 2500 йиллик юбилейи тантаналарида ҳам иштирок этганлиги, бу галги фестивалга ўзи ишлаётган “Чироқчи чироқлари” фольклор–этнографик ансамбли жамоаси билан ташриф буюрганлиги, ўтган йили мустақиллик байрами муносабати билан “Шуҳрат” медалига сазовор бўлганлигини қувона-қувона гапириб берди. Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани “Гаштак” фольклор жамоаси раҳбари Аҳмаджон Жуманазаров эса “Рақс сеҳри” фестивалида ўрганганларимиз айни бу йилги мустақиллик байрами дастуримизни янада бойитади” деди қувонч ва ишонч билан.
Нигархон Назарова Ўзбекистонда ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист: Ўзбекистон Давлат ашула ва рақс ансабли яккахон раққосаси. Мазкур халқаро фестивалда иштирокимиз биз учун қўшалоқ байрам. Чунки бу йил ансаблимизнинг фаолиятига 80 йил тўлади. Миллий урф-одатлар ва қадриятларимизни ўзида мужассам этган халқаро фестивалда Фарғона рақс мактаби ижросидаги «Тановар», «Роҳат», «Муножат», «Пилла» рақс дастурларни тайёрлаб келганмиз. Мазкур фестивал орқали миллий рақсларимизни халқаро сайёҳларга намойиш этиш билан биргаликда, миллий рақс маданиятимизни янада ривожлантириш йўлида ўзаро тажриба алмашиш ва фикрлашиш имкониятига эга бўлдик. Ўйлайманки, бу каби фестивалларнинг ташкил этилиши нафақат миллий урф-одатларимизни тарғиб этишда, балки ўсиб келаётган ёш авлоднинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда жаҳон рақс санъати турларини ривожлантириш, уларнинг маънавий оламини бойитиш, рақс санъатида янги истеъдодларни излаб топиш ва кашф этишда амалий аҳамиятга эга.
Дилноза Мавлонова – «Хоразм рақс» ансамбли раққосаси, биз ўз жамоамиз билан кўплаб халқаро фестиваллардан иштирок этганмиз. Бу гал мезбон сифатида диёримизда миллий рақсларимиз билан фестивалда иштирок этиш бизга катта масъулият ва қувонч бағишлади. Айниқса, тарихий «Анахита» рақсини хоразмча тункини устида турган ҳолда ижро этилиши сайёҳларда катта таассурот уйғотди. Халқаро сайёҳларнинг хоразм санъатига миллий урф-одатларимиз ва миллий таомларимизга бўлган қизиқиши кундан-кунга ортиб бораётгани биргина рақс фестивалида ҳам ўз аксини топмоқда. Мустақиллигимизнинг 25 йилиги арафасида бу каби фестивалларни ташкил этилиши миллий рақс маданиятимизни бутун дунёга намоён этишда яна бир имконият эшиги очади.
Фестивалнинг учинчи куни Хоразм Маъмун академиясида ўзбек миллий санъатини ривожлантиришда рақс жанрлари ва уларнинг сеҳри, жозибаси ҳақида гап борди. Анжуман иштирокчилари шунингдек, жаҳон рақс санъати дурдоналари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар. Хоразм Маъмун академияси кутубхонасидаги нодир китоблар ва музейидаги ноёб асори-атиқалар билан танишдилар.

image005

Фестиваль иштирокчиларининг вилоят ҳокими П.Бобожонов билан учрашуви бўлди.
Унда вилоят ҳокими мустақил мамлакатимизда ўтаётган турли нуфузли анжуманларда, байрамларда, тадбирларда Хоразм воҳаси санъаткорлари фаол иштирок этаётганликлари, айниқса Хоразмнинг ўзига хос мафтункор, жозибадор рақслари ҳар қандай даврани безаб, барчада кўтаринки кайфият ўйғотаётганлиги, “Хоразм лазгиси” жозибаси ва қудрати ҳақида тўлқинланиб гапирди. Мустақиллик йилларида Республикамизда, шу жумладан вилоятимизда амалга оширилган ва давом этаётган улкан бунёдкорлик ишларида санъат, хусусан, рақс санъатининг илҳомбахш таъсири катта эканлиги, бўлиб ўтаётган фестиваль Президентимизнинг Хоразмда сайёҳликни янада ривожлантириш борасидаги ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини ишонч билан таъкидлади. Хоразмда яқин келажакда бажарилиши кўзда тутилган улкан бунёдкорликлар, шу жумладан, маданият ва спорт соҳасида рўёбга ошириладиган улуғвор ишлар ҳақида сўзлаб берди. Барчани яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги айёми билан муборакбод этди.
17 июль. Соат 19. Ичонқалъа. Кўҳна Арк. Бу ерда фестивалнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда турли йўналишлар бўйича фаол иштирокчилар тақдирландилар.Вилоятимиздан “Хоразмрақс” ансамбли ижрочиси Мадина Каримова фестивалнинг энг ёш ижрочиси, Хива туманидаги “Сайқал” оилавий ансамбли фольклор ижодиётида халқ анъаналари ва оилавий қадриятларни сақлаш ва тарғиботи, “Хоразмрақс” ансамбли энг ёрқин ижро, қўшкўпирлик кекса санъаткор Карим ота Қувоқов фестивалнинг энг кекса иштирокчиси, Хоразм вилояти қўғирчоқ театри энг ноёб томоша асари, Хива сопол буюмлари заводи энг ноёб ҳунармандчилик асари, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гавҳар Матёқубова конференцияда мавзуни чуқур очиб берганлиги , Урганч шаҳар маданият уйи ходими Меҳрибон Отажонова фестивалнинг энг кўркам ижрочиси ,Хива карнай-сурнай халқ жамоаси гуруҳи энг ёрқин мусиқа ижроси учун йўналишлари бўйича мукофотландилар. Фестивалда иштирок этган барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси бадиий жамоаларига фаол иштироки учун дипломлар топширилди.
Хива тумани ҳокими Э.Яқубов қадим шаҳарда уч кун давом этган фестиваль воҳа маънавий ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолишини мамнуният билан қайд этиб, унинг қатнашчиларини ташрифи ва фаол иштироки учун дилдан қутлади. Шундан сўнг фестиваль иштирокчилари ижросида катта концерт дастури намойиш этилди.
Фестиваль “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним!” бош ғоясини ўзида мужассам этиб, халқлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни янада мустаҳкамлаш, элдошларимизни яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги байрамини муносиб тўёналар билан кутиб олишларида муҳим илҳомбахш манба бўлиб хизмат қилиши шак-шубҳасиздир. Негаки, юксак кўтаринкилик, ҳамжиҳатлик билан ўтказилган анжуман сабоқлари ана шундан далолат беради.
Абдулла САФОЕВ,
Дилрабо КУРЯЗОВА,
Шоназар ҚАРРИЕВ (суратлар),
“Хоразм ҳақиқати” мухбирлари.



Поделиться: